Ishonch telefoni
Bosh sahifa » BOSH SAHIFA / O'zbekiston yangiliklari » Қадрли ҳамширалар! Фидойи ўрта тиббиёт ходимлари!

Қадрли ҳамширалар! Фидойи ўрта тиббиёт ходимлари!

12-05-2025, 10:31
12
Ўз ҳаётини одамлар саломатлигини асрашдек эзгу ва олижаноб ишга бахш этиб келаётган Сиз, азизлар – қалбидарё ҳамшираларни бугунги касб байрамингиз билан чин қалбдан муборакбод этаман.Дунёда инсон учун саломатликдан ортиқ бахт йўқ. Сабаби, соғлик бўлмаса, ҳеч бир хурсандчилик татимайди. Шу маънода ўта машаққатли, айни дамда, энг шарафли ишга бош қўшиб, беморларга ўз яқинларидек муносабатда бўлаётган, юксак билими ва чексиз меҳри билан хаста дилларга шифо улашаётган Сиз, тиббиёт фидойилари доимо халқимизнинг ҳурмату эҳтиромига лойиқсиз.Азиз ҳамширалар!
Барчангизга маълум, бугун муҳтарам Президентимиз томонидан соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган кенг кўламли трансформация жараёнларида замонавий, креатив фикрлайдиган, кенг дунёқарашга эга ва маҳоратли ўрта тиббиёт ходимларининг янги авлодини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбек ҳамширалари дунёнинг энг тараққий этган клиникаларида малака ошириш ва хорижлик ҳамкасблари билан ўзаро тажриба алмашиш учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилиб, бу йўналишда олиб борилаётган ишлар ўз самарасини бераётир.
Чунончи, одамларимиз кўз ўнгида энди аввалгидек ҳамшира деганда беморларни фақат шифокор тавсияси билангина парвариш қиладиган оддий тиббиёт ходими эмас, балки билим ва малакаси юқори, юксак масъулиятли мутахассис сиймоси гавдаланяпти.
Таъбир жоиз бўлса, бугун замонавий ўзбек ҳамшираси юқори технологик амалиётлар, буйрак ва жигар кўчириб ўтказиш каби ноёб операцияларда шифокорнинг том маънода ўнг қўли, бемор ҳаёти учун елкама-елка кураша оладиган ишончли кўмакчисига айланди.
Албатта, олдимизда ҳали янада масъулиятли вазифалар турибди. Шу боис Сиз, тиббиёт жонкуярлари давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган талаблар, белгилаб берилган устувор мақсадларни тўлақонли рўёбга чиқаришга муносиб ҳисса қўшишингизга ишонаман.
Қадрли ўрта тиббиёт ходимлари!
💐 Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни яна бир бор бугунги қутлуғ айём билан чин қалбимдан табриклайман!
🟢 Беморларга шифо улашаётган азиз қўлларингиз доимо омон бўлсин! Оқ либосингизга асло гард юқмасин! Фарзандларингиз бахту камолини кўринг!
Асилбек ХУДАЯРОВ,
Ўзбекистон Республикаси 
Соғлиқни сақлаш вазири
Ctrl
Enter
Xatoligni aqniqladingizmi?
Matnni belgilang va Ctrl+Enter tugmalarini bosing.




ru en uz